Чирчиқ давлат педагогика институти фаолияти бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолияти тубдан такомиллаштирилади

Фото: «Xabar.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлигининг Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Институт фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • таълим мазмуни ва сифатини ошириш, рақобатбардош, юқори билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли педагоглар тайёрлашда самарадор бўлган педагогик таълим инновацион кластерларини жорий қилиш;
  • замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган, ўз касбига садоқатли юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш;
  • илғор хорижий тажрибалар асосида педагогик таълим соҳасининг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш;
  • ўқув жараёнини ташкил этишда бўлажак педагогларда фаоллик ва ирода, етакчилик, онг ва ўзини англаш, мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш, нутқий равонлик каби кўникмаларни шакллантиришга асосий эътибор қаратиш;
  • педагогик таълим соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш орқали таълим сифатини яхшилаш ва замонавий педагог кадрларни шакллантириш жараёнлари самарадорлигини ошириш;
  • соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш;
  • хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларига стажировка ўташ ва малакасини оширишга юбориш орқали Институт илмий-педагогик салоҳиятини ошириш,
  • ўқув ва илмий лабораторияларни халқаро стандартларга мос келадиган замонавий қурилмалар ҳамда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш орқали натижадорлиги ва самарадорлиги юқори бўлган илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш;
  • талабаларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, ёшлар билан ишлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигини ошириш;
  • мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари, маҳаллалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талаба ёшларни ватанга, касбга садоқат руҳида тарбиялаш.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан келишган ҳолда Чирчиқ шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси 53-уй манзилида жойлашган 8-сонли умумий ўрта таълим ҳамда Чирчиқ шаҳар, Профсоюзная кўчаси, 22а-уй манзилида жойлашган 30-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган Давлат мактабгача таълим муассасалари иштирокида Институтнинг педагогик таълим инновацион кластери фаолиятини йўлга қўяди.

Белгиланишича:

Институт педагогик таълим инновацион кластерда иштирок этаётган таълим муассасаларининг таълим жараёнига методик жиҳатдан раҳбарлик қилади;

педагогик таълим инновацион кластери иштирок этаётган таълим муассасаларидаги таълим жараёнларини ўзаро мувофиқлаштиради ва узлуксизлигини таъминлайди;

Институт ҳар йили педагогик таълим инновацион кластерида иштирок этаётган умумий ўрта таълим муассасаси(лар)да иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида кимё, биология, физика, математика ва бошқа фанлардан олимпиадалар ўтказади;

педагогик таълим инновацион кластерида иштирок этаётган таълим муассасаларининг амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади.

Институтга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида педагогик таълим инновацион кластери доирасида таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа, фан дастурларини мустақил ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш ҳуқуқи берилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Институтда ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тизими йўлга қўйилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Институт талабалари учун дала амалиётини самарали ташкил этиш мақсадида амалиёт базаси сифатида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Бўстонлиқ тумани, Бурчмулла қишлоғида жойлашган, собиқ Бўстонлиқ ўрмон хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари, ер майдонидан Институт ижара тўловисиз белгиланган тартибда фойдаланиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Институтнинг илмий ва педагог ходимларини 2021-2025 йилларда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-технологик марказларида 6 ойгача бўлган муддатли мақсадли стажировкаларини ташкил этади.

Депутат ташаббуси билан маҳаллада кутубхона очилди

Шу йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёш авлод ўртасида китоб мутолаасини тарғиб қилиш масаласи кўтарилган эди. Мазкур тадбирда давлат раҳбари «Барча раҳбарлар − Бош вазирдан бошлаб, туманлар раҳбарлари, депутатлар, келинглар, ўзимиз ташаббус кўрсатайлик ва ўзимиз ўқиган тумандаги мактабларга 10-20 тадан китоб совға қилайлик. Ҳамма ҳам китоб ўқийвермайди, бироқ ёшларимизга улар керак», деган эди.

Президентнинг мана шу ташаббусидан сўнг барча мактабларга янги адабиётлар, жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари, тарихий китоблар туҳфа этилиши урфга айланди. Шунингдек, ўқувчи ёшлар билан ижодий мулоқотлар, суҳбатлар ўтказилмоқда.

ЎзЛиДеп партияси Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати Лутфулла Убаев тумандаги «Ипакчи» МФЙ гузарида кутубхона ташкил этиш фикрини билдиргач, унинг фикрни маҳалла фаоллари ҳам бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Орадан кўп вақт ўтмай, кутубхона учун маҳалла гузарида алоҳида хона ажратилиб, китоб жавонлари жойлаштирилди.

Мўъжаз кутубхонанинг очилиши тадбирида МФЙ вакиллари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича масъуллар, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар иштирок этди. Мазкур зиё масканига Лутфулла Убаев ўзининг шахсий кубхонасидаги 400 дан зиёд китобларни совға қилди. Бугунги кунда маҳалла аҳолиси бўш вақтларини ушбу кутубхонада китоб ўқиш орқали мазмунли ўтказмоқда.

− Саховатли депутат Лутфулла Убаевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари жам бўлган катта хазинали кутубхонага эга бўлдик, деди «Ипакчи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Тожиев. − Совға қилинган китоблар орасида анча илгари босмадан чиқарилган, лекин бугунги кунда китоб савдоси дўконларида мавжуд бўлмаган қимматли бадиий адабиётлар ҳам кўп экан. Маҳалла аҳли жуда хурсанд бундан.

− Китоб ўқиган инсондан ёмонлик чиқмайди. Уни мутолаа қилган инсон дунёни теран англайди, ўз олдига буюк мақсадлар қўйиб, юксак марраларга интилишига ишонаман, деди депутат жамоатчи ёрдамчиси Самаржон Назаров.